Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Хивада Ляонин педагогика университети филиали очилди

17.08.2026 18:09

10

Таълим мажмуасида 560 ўринли ўқув блоклари, кутубхона, спорт зали, 200 ўринли маданият саройи ва 118 ўринли ошхона мавжуд. Шунингдек, иккинчи тўрт қаватли бинода 628 ўринли аудиториялар ҳамда 224 ўринли талабалар тураржойи ташкил этилган.

Хива шаҳрида Хитойнинг Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали ҳамда Конфуций институти фаолияти йўлга қўйилди.

Янги таълим мажмуаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети ва Ляонин педагогика университети ҳамкорлигида барпо этилди. Уни қуриш ва жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 140 миллиард сўм ажратилди. Мажмуада 120 та янги иш ўрни яратилди.

Таълим мажмуасида 560 ўринли ўқув блоклари, кутубхона, спорт зали, 200 ўринли маданият саройи ва 118 ўринли ошхона мавжуд. Шунингдек, иккинчи тўрт қаватли бинода 628 ўринли аудиториялар ҳамда 224 ўринли талабалар тураржойи ташкил этилган.

Филиалга 2026 йилда 160 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган. Келгусида йиллик қабулни 500 нафарга, талабалар сонини эса 2 минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Таълим кундузги ва масофавий шаклларда ўзбек, хитой ва инглиз тилларида олиб борилади. Бакалавриатда халқаро хитой тили таълими, туризм бошқаруви, халқаро бизнес ва сунъий интеллект, магистратурада эса хитой тили ва маданиятини ўқитиш методикаси, таълим бошқаруви ҳамда сунъий интеллект ва таълим технологиялари йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.

Филиал дипломи Ўзбекистонда тўғридан-тўғри тан олинади. Иқтидорли битирувчиларга Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларида грант асосида таҳсилни давом эттириш ва нуфузли ташкилотларда стажировка ўташ имконияти яратилади.

Айни пайтда Хоразм вилоятида хитойлик инвесторлар иштирокида умумий қиймати 2 миллиард 343 миллион долларлик 38 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Янги филиал ушбу лойиҳалар учун замонавий технологиялар ва хитой тилини яхши биладиган малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев таълим дастурларини иқтисодиёт ва меҳнат бозори эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, талабаларнинг замонавий технологиялар ҳамда хорижий тилларни пухта эгаллаши учун зарур шароитларни яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган