Испаниянинг Африка шимолида жойлашган Сеута анклавида Мароккодан келган юзлаб мигрантлар бошпана беришни талаб қилиб, оммавий норозилик намойиши ўтказди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Намойиш якшанба куни шаҳарнинг машҳур El Trampolin соҳилида бўлиб ўтган. Мигрантлар Испания байроқларини кўтариб, «Биз ҳам инсонмиз» каби ёзувлар туширилган плакатлар билан кўчага чиққан.
Маҳаллий аҳоли ва тиббиёт ходимларининг маълумотларига кўра, мигрантларнинг аксарияти оғир шароитда яшамоқда. Улар очиқ осмон остида тунашга, совуқ ва санитария талабларига жавоб бермайдиган шароитларга мослашишга мажбур бўлмоқда.
Сеута тиббий кенгаши раҳбари Энрике Ровиральтанинг айтишича, мигрантлар орасида ич кетиши ва қўтир билан касалланиш ҳолатлари кўпайган. Шунингдек, зўравонлик билан боғлиқ жароҳатлар, жумладан, бурун синиши ва пичоқбозлик оқибатидаги тан жароҳатлари ҳам тез-тез қайд этилмоқда.
Мигрантларнинг асосий қисми Мароккодан келган. Улар ўз юртидаги иқтисодий қийинчиликлар ва оилаларини таъминлаш имконияти чекланганини Испанияга йўл олишларининг асосий сабаби сифатида кўрсатмоқда.
Айни пайтда Сеутада мигрантлар масаласи бўйича вазият кескинлигича қолмоқда. Намойиш иштирокчилари Испания ҳукуматидан уларга бошпана бериш масаласини тезроқ ҳал қилишни сўрамоқда.
