Ижтимоий тармоқларда ички ишлар органлари ходимлари ва «Дамас» ҳайдовчиси ўртасида юзага келган низоли ҳолат акс этган видео тарқалди.
Маълум бўлишича, воқеа 2 август куни соат 21:30 атрофида Тошкент вилояти Тошкент тумани ҳудудида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, «Дамас» русумли транспорт воситасининг кузови ва ойналарига ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи ёзувлар, жумладан, реклама тасвирлари туширилгани аниқланган. Шу сабабли ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Бироқ фуқаро билан мулоқот жараёнида айрим ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўпол муомалага йўл қўйилган.
Ҳолат Тошкент вилояти ИИББ томонидан қатъий назоратга олинган. Ходимларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида белгиланган тартибда хизмат текшируви тайинланган.
Тошкент вилояти ИИББ ички ишлар органлари ходимларини фуқаролар билан мулоқотда қонунийлик ва хизмат одоби талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.
Хизмат текшируви натижаларига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.

