Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Тадбиркорлар учун жарималар ўртача икки баробар камайтирилади

18.08.2026 15:04

8

Кичик бизнесда инсон соғлиғи, ҳаёти ва бошқа тадбиркорлар манфаатларига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган текширувларга уч йил муддатга мораторий жорий этилади.

Келаси йилдан тадбиркорлар ва давлат ўртасидаги низоларда «Тадбиркорнинг ҳақлилик презумпцияси» жорий этилади. Унга кўра, тадбиркорнинг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади ва унга жарима ёки бошқа таъсир чораси қўлланмайди.

Бу ҳақда Президент бизнесга маъмурий босимни камайтириш бўйича янги чораларни белгилаб берди.

Қайд этилишича, сўнгги уч йилда солиқ юки 13,4 фоиздан 12 фоизга, сўнгги ўн йилда яширин иқтисодиёт улуши эса 50 фоиздан 26 фоизга тушган.

Таҳлил қилинган 5 мингта тадбиркорнинг ярмидан кўпида бир йилда 2–3 марта, яна 21 фоизида эса 4 марта ва ундан кўп солиқ текширувлари ўтказилган. Бунга ёнғин, қурилиш, санитария, карантин ва энергия инспекцияларининг такрорий текширувлари ҳам қўшилмоқда.

Шу муносабат билан кичик бизнесда инсон соғлиғи, ҳаёти ва бошқа тадбиркорлар манфаатларига зарар етказиш билан боғлиқ бўлмаган текширувларга уч йил муддатга мораторий жорий этилади.

Ўрта ва йирик тадбиркорлар корхонасини ихтиёрий профилактик аудитдан ўтказиши мумкин. Аудит хулосаси солиқ органлари томонидан тан олинади. Камчиликларни бартараф этган тадбиркор жаримага тортилмайди. Бир йил ичида такрорий текширув эса фақат Бизнес-омбудсман рухсати билан ўтказилади.

Ҳозир 51 та идора молиявий жарима қўллаш ваколатига эга. Энди барча турдаги жарималар миқдори ўртача икки баробар камайтирилади.

Шунингдек, давлат корхоналари харид қилган товарлар бўйича тадбиркорларнинг заколат пулини қайтариш жараёни автоматлаштирилади.

Яна бир муҳим янгилик — «Биринчи хато учун огоҳлантириш» қоидаси жорий этилади. Биринчи марта қоида бузган ва одамлар ҳаёти, соғлиғи ёки мулкига зарар етказмаган тадбиркорга камчиликни бартараф этиш учун 10 кун муддат берилади.

Назорат органлари биринчи инстанциядан кейинги ҳар бир суд босқичида давлат божини тўлайди. Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Эксперт кенгашига божхона, қурилиш, санитария, карантин ва ветеринария соҳаларидаги низоларни ҳам кўриб чиқиш ваколати берилади.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган