Тошкент ва Фарғона шаҳарларида фуқароларни Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, пул талаб қилган шахслар ушланди.
Тошкент шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган шахс тегишли лицензияга эга бўлмаган ҳолда ўзини Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилган турфирма вакили сифатида таништирган. У 3 нафар фуқарони Саудия Арабистонига Умра сафарига юбориш ва зиёрат амалларини тўлиқ бажаришларини таъминлаш эвазига 3450 АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс 3400 АҚШ доллари ва 600 минг сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Фарғона шаҳридаги ҳолатда эса 1998 йилда туғилган шахс танишлари орқали 4 нафар фуқарони Умра зиёратига юборишни ваъда қилиб, улардан жами 4200 АҚШ доллари талаб қилган.
У сўралган пул маблағини олаётган вақтида ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланиб, унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

