Давлат олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги курс талабалари ўртасида қайта тақсимланган таълим гранти натижалари эълон қилинмоқда.
Тегишли тартибга мувофиқ, ҳар йили давлат ОТМларида таълим грантлари талабалар ўртасида табақалаштирилган ҳолда қайта тақсимланади. Бунда грантлар бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги, таълим тили ва курслар кесимида талабалар сонидан келиб чиқиб, тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган таълим грантларига ажратилади.
Тўлиқ таълим гранти бир ўқув йили учун берилиб, талабанинг ўқиш харажатлари Давлат бюджети ҳисобидан тўлиқ қопланади. Бундай грант соҳибларига умумий тартибдаги стипендия ҳам тўланади.
Тўлиқ бўлмаган таълим гранти эса бир ўқув йили учун берилади ва бунда тўлов-контракт суммасининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Ушбу грант соҳибларига умумий тартибдаги стипендия тўланмайди.
Жорий ўқув йили якуни бўйича грант учун аризалар 15–20 июль кунлари қабул қилинган.
Грант учун даъвогарлик қилган талабалар янги ўқув йили учун қайта тақсимланган грант натижаларини HEMIS платформасидаги шахсий кабинети орқали кўриши мумкин.

.webp)