Нурафшон шаҳар ёшлар ишлари бўлими раҳбари Миркарим Аҳмаджонов ходимларига нисбатан ҳақоратомуз муносабатда бўлгани учун ишдан бўшатилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Миркарим Аҳмаджонов ўз ходимларини ҳақорат қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, хабарларда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган.
Маълум бўлишича, воқеа 18 август куни Миркарим Аҳмаджонов ёшлар етакчилари иштирокида ўтказган йиғилишда содир бўлган. Хизмат текшируви натижасида у хизмат одоби ва касбий этика талабларини қўпол равишда бузгани, ходимларга нисбатан кескин ҳамда ҳақоратомуз муносабатда бўлгани аниқланган.
Бундан ташқари, текширув жараёнида Аҳмаджоновнинг иш фаолиятида қатор бошқа камчиликларга ҳам йўл қўйилгани маълум бўлган.
Шу муносабат билан Миркарим Мирмаҳмуджонович Аҳмаджонов билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Айни пайтда унинг иш фаолиятида аниқланган бошқа камчиликлар юзасидан текширувлар давом эттирилмоқда. Текширув натижаларига кўра тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинди.
Тошкент вилояти ёшлар ишлари бошқармаси тизимда фаолият юритаётган барча раҳбар ва ходимлардан хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш, жамоада соғлом муҳитни таъминлаш, ходимларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш ҳамда хизмат одоби ва касбий этика талабларига қатъий риоя этишни талаб қилди.
Шунингдек, тизим ходимларига ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳолатларга дуч келган тақдирда, юқори турувчи раҳбарларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани эслатилди.
Маълумот учун: 31 ёшли Миркарим Аҳмаджонов Ёшлар ишлари агентлигининг Нурафшон шаҳар бўлими бошлиғи лавозимига 2026 йил февраль ойида тайинланган. Бунга қадар у Нурафшон шаҳридаги Тараққиёт маҳалласида ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритган.

