Ўзбекистонда кўп қаватли уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш қоидалари янгиланди. Янги талаблар 2026 йил 16 ноябрдан кучга киради.
Янги тартибга кўра, кўп қаватли уйларнинг кириш жойларига иситиш ва совутиш ускуналари, жумладан, кондиционерлар ўрнатишга йўл қўйилмайди.
Шунингдек, уйлар фасадидаги ёриқлар, сувоқ ва қопламаларнинг шикастланиши, намлик излари каби нуқсонлар бир ой ичида бартараф этилиши керак. Подваллардаги иситиш тармоқларида носозлик аниқланганда эса иссиқлик таъминоти ташкилотига хабар берилиб, мутахассисларнинг таъмирлаш ишларини амалга ошириши учун зарур шароит яратилади.
Янги қоидаларда лифтлардан фойдаланишга ҳам алоҳида талаблар белгиланган. Лифт кабиналарида унинг юк кўтариш қобилияти, рухсат этилган йўловчилар сони, рўйхатдан ўтган рақами, техник кўрик ҳақидаги маълумотлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ёки авария хизмати телефон рақами кўрсатилиши шарт.
Бундан ташқари, лифт шахталари, машина хоналари ва уйларнинг кириш жойлари тоза ҳамда ёритилган ҳолда сақланиши лозим.

