“Ўзбекфильм” киностудияси 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбуриятига эга. Студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам ушбу кредит учун гаровга қўйилган. Бу ҳақда Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.
Унинг айтишича, студиядаги муаммолар кредит мажбуриятлари билан чекланмайди. Солиқлардан қарийб 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик тўплангани сабабли, “Ўзбекфильм” балансидаги 12 та автомашина 12 кун ичида аукционга қўйилиши мумкин.
Бундан ташқари, киностудия ходимларининг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар шаклланган.
Аҳмедовнинг таъкидлашича, “Ўзбекфильм” бир йилда камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажармаса, ўзини молиявий жиҳатдан сақлаб тура олмайди. Шу сабабли студия амалда давлат буюртмасига қарам бўлиб қолган.
“Бизнес модели йўқ. Бозор механизмига тўлиқ ўтилмаган”, — деди у.
Кинематография агентлиги директори бу рақамлар ортида бир асрлик ўзбек киноси тарихи, унинг обрўси ва тақдири турганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекфильм”да кўплаб буюк режиссёрлар, актёрлар, операторлар, рассомлар ва бошқа кино мутахассислари ўз фаолиятини бошлаган. Ўзбек киносининг кўплаб машҳур фильмлари ҳам шу ерда яратилган.
Аҳмедовнинг фикрича, энди асосий вазифа студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас, балки уни тубдан ислоҳ қилишдан иборат.
“Молиявий жиҳатдан барқарор, замонавий бошқарувга эга, кучли ижодий жамоаларни бирлаштирадиган, хусусий инвестиция ва халқаро ҳамкорликни жалб қиладиган, ўз маҳсулоти билан бозорга чиқадиган ҳақиқий миллий кино компанияси барпо этишимиз керак”, — деди у.
Аҳмедов Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекфильм”га “Миллий” мақомини берганини ҳам таъкидлаб, буни студия учун юксак ишонч ва улкан масъулият сифатида баҳолади.
Унинг таъкидлашича, “Ўзбекфильм” оддий киностудия эмас, балки ўзбек киноси тарихидир. Энди у миллий кинонинг келажаги учун ҳам асосий таянчлардан бири бўлиши керак.

