Сингапур бош вазири Лоуренс Вонг мамлакатда туғилиш кўрсаткичини ошириш мақсадида оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими кенгайтирилишини маълум қилди.
Янги дастур доирасида Сингапурда ота-оналар фарзанди туғилганидан 17 ёшга тўлгунига қадар жами қарийб 70 минг сингапур доллари, яъни 55 минг АҚШ долларидан ортиқ миқдорда молиявий ёрдам олиши мумкин.
Янги тизимда боланинг оилада нечанчи фарзанд эканига қараб эмас, барча фарзандлар учун бир хил миқдорда қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Шунингдек, ёлғиз ота ёки она тарбиясидаги болалар ҳам дастур қамровига киритилади.
Тўловлар таркибида бола туғилганда 10 минг сингапур доллари миқдорида бир марталик тўлов, шунингдек, кейинги таълим харажатлари учун 10 минг долларлик мақсадли маблағ ажратилади. Қолган сумма эса бола улғайиши давомида асосан нақд пул кўринишида берилади.
Кўп фарзандли оилалар учун бола парвариши бўйича имтиёзлар ҳам кенгайтирилади. Ҳукумат иш берувчиларнинг ушбу харажатлари асосий қисмини ўз зиммасига олишни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, фарзандли оилалар учун биринчи уй-жойни сотиб олиш жараёнлари соддалаштирилади.
Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, янги дастурдан Сингапурда 610 мингдан ортиқ бола фойдаланиши мумкин.
Бундай чораларга мамлакатдаги демографик вазиятнинг кескинлашиши сабаб бўлмоқда. 2025 йилда Сингапурда туғилишнинг умумий коэффициенти рекорд даражада пасайиб, бир аёлга 0,87 нафар болани ташкил этди. 2024 йилда бу кўрсаткич 0,97 нафар эди.
Аҳоли сонини миграция ҳисобига оширмасдан барқарор сақлаб туриш учун эса бир аёлга ўртача 2,1 нафар фарзанд тўғри келиши лозим. Туғилишнинг пастлиги ва умр кўриш давомийлигининг ортиши натижасида Сингапур 2026 йилда расман «ўта қариб бораётган» жамиятлар қаторига кирди. Бундай жамиятларда 65 ёшдан ошганлар улуши аҳолининг 21 фоизидан ортиқни ташкил этади.
Прогнозларга кўра, 2030 йилга бориб Сингапурда ҳар тўрт кишидан бири пенсия ёшида бўлади.
Лоуренс Вонг мамлакатда кўрилаётган чораларга қарамай, туғилиш коэффициенти аҳолини такрор барпо этиш учун зарур даражадан анча паст бўлиб қолиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг айтишича, агар аҳоли сони фақат туғилиш ҳисобига шакллантирилса, мамлакат аҳолиси қисқаради.
Шу сабабли Сингапур аҳоли сонини миграция орқали тўлдириш сиёсатини ҳам давом эттиради. Ҳукумат янги аҳолини «меъёрланган ва барқарор суръатда» қабул қилишни режалаштирмоқда.
Мутахассислар фикрича, Жанубий Корея ва Шарқий Европа мамлакатлари тажрибаси кўрсатганидек, катта миқдордаги пуллик рағбатлар ҳам демографик тенденцияларни кескин ўзгартириш учун етарли эмас. Ривожланган мамлакатларда туғилишнинг пасайишига ҳаёт қийматининг ошиши, уй-жой масаласи, аёлларнинг меҳнат бозоридаги фаоллиги ва одамларнинг ҳаётий устуворликлари ўзгариши каби омиллар таъсир қилмоқда.
Сингапур ҳукумати эса янги чоралар орқали нафақат фарзанд туғилишини молиявий рағбатлантириш, балки оилаларнинг уй-жой ва бола парвариши билан боғлиқ харажатларини камайтиришни ҳам мақсад қилмоқда.

