Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Алматидаги йирик блэкаут сабаблари ҳукумат йиғилишида муҳокама қилинди

25.08.2026 11:48

36

Жумладан, Алмати шаҳридаги 2- ва 3-сонли иссиқлик электр марказлари, шунингдек, Туркистон вилоятида қуввати 1000 мегаватт бўлган янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилади.

Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов ҳукумат йиғилишида 14 август куни Алмати шаҳри ва Алмати вилоятида юз берган кенг кўламли электр таъминоти узилиши сабаблари бўйича ўтказилган текширув натижалари билан қизиқди.

Энергетика вазири Ерлан Аккенженовнинг маълум қилишича, мамлакатнинг жанубий ҳудудларидаги электр энергияси тақчиллигини бартараф этиш мақсадида янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ишлари якунланмоқда.

Жумладан, Алмати шаҳридаги 2- ва 3-сонли иссиқлик электр марказлари, шунингдек, Туркистон вилоятида қуввати 1000 мегаватт бўлган янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилади.

Бундан ташқари, электр тармоқлари инфратузилмасини мустаҳкамлаш мақсадида 500 киловольтли «Шу–Жамбил–Шимкент» электр узатиш тармоғи барпо этилмоқда. Мазкур тармоқ жанубий ҳудуд энергетика тизимининг ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Бектенов мазкур йўналишни стратегик аҳамиятга эга деб баҳолаб, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш бўйича ишларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 14 август куни Алмати шаҳри ва Алмати вилоятида кенг кўламли электр таъминоти узилиши кузатилган эди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бунга Марказий Осиё энергетика тизими томонидан электр энергияси оқимининг кескин ўзгариши натижасида энергетика тизимида қувват номутаносиблиги юзага келиши сабаб бўлган.

Шундан сўнг аварияга қарши автоматик ҳимоя тизими ишга тушиб, Қозоғистоннинг айрим ҳудудларида электр истеъмолчиларининг бир қисми тармоқдан узилган.

Электр таъминотидаги узилиш оқибатида Алматида светофорлар ишламай қолган ва йўлларда тирбандликлар юзага келган. Айрим жойларда ҳаракатни тартибга солишга фуқароларнинг ўзи ёрдам берган.

Шаҳарнинг ташқи электр таъминоти тўлиқ узилгани сабабли Алмати метрополитени фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилган.

Шунингдек, электр таъминотидаги узилиш туфайли «Шимбулоқ» тоғ-чанғи курортидаги осма канат йўлида йўловчилар кабиналарда қолиб кетган.

Кейинчалик KEGOC компанияси электр таъминотидаги узилишлар Қозоғистоннинг саккизта ҳудудида кузатилганини маълум қилди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган