БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси Томонлар конференциясининг 17-сессияси (UNCCD COP17) доирасида Ўзбекистон Миллий павильонида “Инвестициялардан натижаларга” мавзусида параллель тадбир бўлиб ўтди. Унда деградацияга учраган ерларни тиклаш, иқлимга чидамлиликни ошириш ва муваффақиятли экологик ечимларни кенг миқёсда жорий этиш учун инвестицияларни самарали жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Халқаро биошўрланган қишлоқ хўжалиги маркази (ICBA) бош директори, доктор Тарифа Алзааби, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ректори, профессор Бахтиёр Пўлатов, шунингдек, ICBA CAC постдокторанти, доктор Марғуба Режапова иштирок этди.
Азиз Абдуҳакимов ўз нутқида Қорақалпоғистон тажрибаси мақсадли инвестициялар алоҳида лойиҳадан ташқарида ҳам узоқ муддат самара бериши мумкинлигини намоён этаётганини таъкидлади. 2023 йилда Абу-Даби Тараққиёт жамғармаси томонидан ажратилган 5,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ҳисобидан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ICBA билан ҳамкорликда Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш лойиҳасини амалга оширди. Лойиҳа доирасида учта кўргазма майдони ташкил этилиб, иқлимга чидамли экинлар синовдан ўтказилди ҳамда тупроқ, сув ресурслари ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини самарали бошқариш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Азиз Абдуҳакимов дастлабки лойиҳа босқичма-босқич технология ва билимларни узатишнинг янада кенг қамровли тизимига айланганлигини қайд этди. 2025–2026 йилларда дастур Қорақалпоғистоннинг барча 15 туманида яна 4144 нафар фермерни қамраб олди, ишлаб чиқарилган ва тарқатилган сифатли уруғликлар ҳажми эса 20,9 тоннадан ошди. Бугунги кунда вазифа нафақат дастлабки инвестициялар натижаларини баҳолаш, балки муваффақиятли ечимларни институционаллаштириш, уларни кенг миқёсда жорий этиш ва янги авлод инвестицияларини жалб қилишдан иборат экани таъкидланди.
Тадбир давомида Ўзбекистон ва ICBA ҳамкорлигини янада ривожлантириш концепцияси ҳам тақдим этилди. Хусусан, "Green University" негизида "Марказий Осиё био-тузли қишлоқ хўжалиги ва иқлим барқарорлиги маркази" (CABACRH)ни ташкил этиш таклиф қилинди. Мазкур марказ дала лойиҳалари, лаборатория тадқиқотлари, кадрлар тайёрлаш ва технологияларни амалиётга жорий этишни бирлаштиради. Ушбу ташаббуснинг муҳим таркибий қисми қиймати 5 миллион доллар бўлган спирулина тадқиқотлари лабораториясини ташкил этишдан иборат бўлиб, у микроалгалар, сув ресурслари ва шўрланиш соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, талабалар, тадқиқотчилар ва фермерларни ўқитиш учун инфратузилмадан фойдаланиш имконини беради.

Ерларни тиклаш соҳасида инвестиция учун тайёр лойиҳаларни шакллантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Механизмлардан бири сифатида "Green University" ҳузурида “Қурғоқчил ерлар” лойиҳаси лабораторияси (Drylands Project Lab)ни ташкил этиш таклиф қилинди. Унда лойиҳалар бошланғич кўрсаткичлар, буджет, экологик ва ижтимоий кафолатлар, асосий самарадорлик кўрсаткичлари ҳамда эҳтимолий молиялаштириш манбаларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланади. Ташаббус доирасидаги илк халқаро гуруҳни 2027 йилда Марказий Осиё, Мўғулистон ва қурғоқчил иқлимга эга бошқа ҳудудлар мутахассислари иштирокида шакллантириш таклиф этилмоқда.
Тадбир доирасида, шунингдек, Ерларни тиклаш сифатининг минтақавий стандарти ва мониторинг, ҳисобот ҳамда верификация (MRV) тизимини ишлаб чиқиш таклифи муҳокама қилинди. Бунда нафақат тикланган ҳудудлар майдони, балки ўсимлик қопламининг тикланиши, тупроқ ҳолати, сув баланси, унумдорлик ва ижтимоий-иқтисодий натижаларни ҳам баҳолаш назарда тутилмоқда. Дастлабки босқичда ушбу стандартни ерларни тиклаш бўйича 5–10 та лойиҳада синовдан ўтказиш таклиф қилинди.

Бундан ташқари, иштирокчилар молиялаштиришни жалб этишга тайёрлашга қаратилган Марказий Осиёда ер лойиҳаларини тайёрлаш марказини ташкил этиш масаласини кўриб чиқдилар. Ушбу механизм техник-иқтисодий тадқиқотлар ўтказиш, бошланғич кўрсаткичлар ва MRV тизимини шакллантириш, экологик ва ижтимоий кафолатларни таъминлаш, иқтисодий таҳлил ҳамда молиявий тузилмани ишлаб чиқиш каби босқичларни қўллаб-қувватлашни назарда тутади. Тайёрланган лойиҳалар кейинчалик Глобал экологик жамғарма, Яшил иқлим жамғармаси, халқаро молия институтлари, икки томонлама ҳамкорлар ва хусусий капитални ўз ичига олган мавжуд молиялаштириш механизмларига йўналтирилиши мумкин.
Тадбир давомида профессор Бахтиёр Пўлатов ва доктор Марғуба Режапова илмий ва институционал салоҳиятни ривожлантириш, билим алмашиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда фермерлар ва миллий муассасалар билан ҳамкорлик масалаларини тақдим этдилар. "Green University"нинг ICBA билан ҳамкорлиги ва тадқиқотлар, инновациялар ҳамда технологик ривожланиш платформаси сифатидаги "AquaBio Lab" фаолиятига, шунингдек, халқаро лойиҳаларнинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбирнинг якуний қисми ҳамкорликни кенгайтириш, муваффақиятли ечимларни кенг миқёсда жорий этиш ва Ўзбекистон ҳамда ICBAнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун янги инвестицияларни жалб қилиш масалаларига бағишланди.
Якунда ҳар бир муваффақиятли инвестиция кейинги инвестиция учун асос яратиши, далилларга асосланган базани шакллантириши, салоҳиятни ошириши, технологияларни кенг тарқатишни таъминлаши ва молиялаштиришга тайёр лойиҳалар портфелини яратиши кераклиги муҳим тамойил сифатида қайд этилди.

