Марказий банкнинг Тезкор тўловлар тизими орқали жисмоний шахслар ўртасида телефон рақами асосида пул ўтказиш тартиби тасдиқланди.
Янги тартибга кўра, пул ўтказишда олувчининг банк картаси рақамини киритиш шарт эмас. Маблағни мобил телефон рақами ёки махсус «боғлаш коди» орқали банк ҳисобварағига ўтказиш мумкин бўлади.
Бунинг учун телефон рақами аввалдан банк ҳисобварағига боғланган бўлиши керак. Бир телефон рақамини бир банкда фақат битта ҳисобвараққа боғлаш мумкин.
Агар бир рақам бир нечта банкдаги ҳисобвараққа уланган бўлса, пул ўтказаётган шахсга олувчининг Ф.И.Ш. ва у фойдаланаётган банклар кўрсатилади. Шундан сўнг маблағ қайси ҳисобвараққа ўтказилишини тўловчининг ўзи танлайди.
Пул ўтказмалари мобил иловалар орқали 24/7 режимида амалга оширилади. Тўловни тасдиқлашдан олдин экранда ўтказма суммаси, олувчининг Ф.И.Ш., банк номи ва комиссия миқдори кўрсатилади.
Янги қоидалар 2026 йил 26 ноябрдан кучга киради.

