Президент Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган давлат мукофотларини топшириш маросимида сўнгги ўн йилдаги асосий натижаларни маълум қилди.
Қайд этилишича, мамлакатга 160 млрд доллардан ортиқ хорижий инвестиция киритилган, иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ўсган. 2026 йилда ЯИМ ҳажми 180 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.
Шунингдек, 5,7 млн доимий иш ўрни яратилган, 1,2 млн ўринли мактаблар, 342 минг ўринли боғчалар ва 62 минг ўринли шифохоналар ишга туширилган. 83 минг км ички йўл қурилган ва таъмирланган ҳамда 8 млн аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор марказлашган ичимлик суви кирган. 650 минг оила эса янги уй-жойга эга бўлган.
«Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси — бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир», — деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев фидойи ва бунёдкор ватандошларга, мустақилликнинг асосий кучи ва таянчи бўлган халққа миннатдорлик билдирди.

