Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Президент Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти учун 7 миллий дастурни эълон қилди

28.08.2026 21:27

29

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти учун таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, экология, қонун устуворлиги, маҳалла ва тинчликпарвар ташқи сиёсатни қамраб олган 7 та миллий дастурни эълон қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларини қамраб олган 7 та миллий дастурни эълон қилди.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамров қисқа муддатда 100 фоизга етказилади. Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади. Техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий қилиниб, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш қамрови 1 миллион нафарга етказилади.

Иккинчи миллий дастур аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва умр кўриш давомийлигини оширишга хизмат қилади. Бунинг учун соғлиқни сақлаш билан боғлиқ давлат харажатлари келгуси беш йилда ЯИМга нисбатан 5 фоизга етказилади. Тиббиётда профилактикага асосланган модельга ўтилади ва давлат тиббий суғуртаси барча хонадонларни қамраб олади. Шунингдек, дунёнинг нуфузли камида 5 та клиникаси Ўзбекистонга олиб келинади.

Учинчи миллий дастур иқтисодиётни юқори технологиялар ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказишни назарда тутади. Келгуси ўн йилда мамлакатга 450 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилинади. 2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 300 млрд долларга, саноатда юқори даромадли иш ўринлари сонини эса 2 миллионтага етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, стартаплар, венчур инвестициялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади. Кичик бизнеснинг ўрта бизнесга, ўрта корхоналарнинг эса йирик компания ва корпорацияларга айланиши учун яхлит экотизим яратилади.

Тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган. Келгуси беш йилда экин майдонларини сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади.

Бешинчи миллий дастур суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришни мақсад қилади. Ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб тизимли йўлга қўйилади. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси, яширин иқтисодиёт ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш кучайтирилади. Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар янги босқичга олиб чиқилади.

Олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади. Туман бюджети, инвестиция дастурлари ва инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида шакллантирилади. Бунда аҳоли талаби ва эҳтиёжи асосий мезон бўлади.

Еттинчи миллий дастур Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини янада юксалтиришга қаратилган.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган