Ўзбекистонда тиббиёт тарихида илк бор бир беморга бир вақтнинг ўзида жигар ва буйрак трансплантацияси амалга оширилди. Мураккаб жарроҳлик амалиёти Тошкентдаги Миллий тиббиёт марказида бажарилди.
Самарқанд вилояти Пахтачи туманида яшовчи бемор саккиз йилдан буён жигар касаллиги билан курашиб келган. Кейинчалик унинг буйрак фаолияти ҳам жиддий бузилиб, мунтазам гемодиализ муолажасини олишга мажбур бўлган.
Текширувлар давомида беморда сурункали буйрак етишмовчилигининг терминал босқичи, шунингдек, гепатит C оқибатида ривожланган жигар циррози аниқланган.
Аввал беморга хорижда, жумладан, Ҳиндистонда операция қилиш тавсия этилган. Бироқ даволаниш ва донор билан боғлиқ катта харажатлар сабабли оила бундай амалиётни амалга ошира олмаган.
Бемор Миллий тиббиёт марказига мурожаат қилганидан сўнг, мутахассислар унинг ҳолатини батафсил ўрганиб, бир вақтнинг ўзида иккала органни ҳам кўчириб ўтказиш зарур, деган хулосага келган.
Шифокорларнинг таъкидлашича, бундай оғир ҳолатларда фақат жигар ёки фақат буйрак трансплантациясини амалга ошириш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Шу сабабли икки органни бир вақтнинг ўзида кўчириб ўтказиш беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи энг мақбул усуллардан бири ҳисобланади.
Натижада Миллий тиббиёт марказида беморга жигар ва буйрак бир вақтнинг ўзида муваффақиятли кўчириб ўтказилди. Бу Ўзбекистонда бундай мураккаб трансплантация илк бор амалга оширилгани билан аҳамиятлидир.
Амалиёт трансплантология ва юқори технологияли тиббий ёрдам соҳасида катта тажрибага эга мутахассислар иштирокида бажарилган.
Беморнинг яқинлари операциядан сўнг унинг соғлиғи яхшилангани ва узоқ йиллик кутишдан кейин онаси ҳаётга қайтганини таъкидлади.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай юқори технологик амалиётларнинг Ўзбекистонда йўлга қўйилиши оғир касалликларга чалинган беморларга хорижга чиқмасдан, мамлакатнинг ўзида замонавий тиббий ёрдам олиш имконини кенгайтиради.

