Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Ташқи савдодаги муддати ўтган дебитор қарздорликни сўндиришнинг янги механизми жорий этилади

30.08.2026 16:02

11

2027 йил 1 январдан ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш таъминланмагани учун қўлланиладиган жарима миқдори суд томонидан икки бараварга камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистонда ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни қисқартиришга қаратилган янги тартиб жорий этилади.

Бу ҳақда 27 август куни қабул қилинган Президентнинг ПФ–176-сонли фармонида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, экспорт операциялари бўйича активларни белгиланган муддатларда репатриация қилиш таъминланмагани натижасида юзага келган дебитор қарздорликни тадбиркорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан сўндиришига рухсат берилади.

Бунинг учун 2027 йил 1 январга қадар бир марталик умумдавлат акцияси амал қилади.

Акция Фармон кучга киргунга қадар ташқи савдо шартномаси асосида товар, иш ёки хизматлар амалда экспорт қилинган, аммо хорижий контрагент томонидан тўлов белгиланган муддатда амалга оширилмагани сабабли юзага келган ҳамда «E-kontrakt» ташқи савдо ахборот тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қайд этилган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилади.

Шу билан бирга, мазкур тартиб устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга, шунингдек, устав капиталида ушбу ташкилотлар улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Жарима миқдори икки бараварга камайтирилади

2027 йил 1 январдан ташқи савдо операциялари бўйича активларни репатриация қилиш таъминланмагани учун қўлланиладиган жарима миқдори суд томонидан икки бараварга камайтирилиши мумкин.

Бунинг учун қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлиши керак:

— резидент активларни репатриация қилиш бўйича ўзига боғлиқ барча чораларни виждонан кўрган бўлиши, жумладан, суд, арбитраж ёки бошқа мажбурий ундирув воситалари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўлиши;

— ташқи савдо операциялари бўйича активларнинг 50 фоиздан ортиқ қисми репатриация қилинган бўлиши;

— хорижий ҳамкор жойлашган ёки тўлов амалга ошириладиган давлатда юзага келган халқаро санкциялар, банк ва тўлов тизимларидаги чекловлар ёки валюта операцияларига оид тақиқлар туфайли активларни репатриация қилиш имконияти чекланган бўлиши.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган