Ўзбекистонда банкларга бир банкнинг ўзида очилган карталар ўртасидаги тўлов операцияларини учинчи томон процессинг хизматларини жалб қилмасдан, ўз ахборот инфратузилмаси орқали қайта ишлаш имконияти берилади.
Марказий банк бошқаруви томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг муомалада бўлиши қоидаларига In-house моделини жорий этишга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжат 27 август куни Адлия вазирлигида 3294-4-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган.
Янги тартибга кўра, банк In-house модели орқали тўлов операцияларини учинчи томон процессинг компаниясини жалб этмаган ҳолда ўз ахборот тизимларида авторизация қилиши, қайта ишлаши ва банк ҳисобварақларида акс эттириши мумкин.
Бунда мазкур модель фақат бир банкнинг ўзида очилган карталар ўртасидаги операцияларга татбиқ этилади. Яъни турли банкларга тегишли карталар ўртасидаги тўловлар янги тартиб доирасига кирмайди.
In-house моделини жорий этиш банклар учун ихтиёрий ҳисобланади. Бу тизимдан фойдаланишни режалаштирган банк ишга туширишдан камида 30 кун олдин Марказий банкка хабарнома юбориши керак.
Хабарномада тизим ишга тушириладиган сана, қайта ишланадиган операциялар, фойдаланиладиган ахборот тизимлари, шунингдек, киберхавфсизлик ва фаолият узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрсатилиши лозим.
Банклар тўлов маълумотларининг махфийлиги, яхлитлиги ва мавжудлигини таъминлаши, шунингдек, операцион ва технологик хатарларни бошқариш тартибини белгилаши шарт.
Бундан ташқари, асосий тизимдан мустақил захира алоқа канали ва ахборот тизими бўлиши талаб этилади. Захира тизимига ўтиш ҳамда ахборот тизимларини тиклаш жараёнлари йилига камида бир марта синовдан ўтказилади.
In-house модели орқали амалга оширилган операциялар ҳақидаги маълумотлар камида беш йил сақланиши керак.
Тизим фаолиятига таъсир қилувчи узилиш, операцион ҳодиса ёки киберхавфсизлик билан боғлиқ ҳолат юзага келган тақдирда, банк бу ҳақда Марказий банкка зудлик билан дастлабки ахборот тақдим этади. Ҳодисанинг сабаблари, оқибатлари ва кўрилган чоралар ҳақидаги батафсил маълумотлар эса уч иш куни ичида юборилиши лозим.
Марказий банк In-house модели орқали операцияларни қайта ишлаётган банкларнинг белгиланган талабларга риоя этишини мониторинг ва назорат қилади.
Қарор уч ойдан сўнг кучга киради.

