Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинаётган йиғилиш бошланди.
Йил бошида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 5,8 фоизни ташкил этиб, эҳтиёжманд аҳоли сони 2,2 миллион нафар бўлган. Ҳозир бу кўрсаткич 1,5 миллион нафаргача камайган.
Маълум қилинишича, 49 та туман ва 3 минг 429 та маҳалла ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айланмоқда. Бироқ 159 та туман ва шаҳар ҳамда 5 минг 536 та маҳаллада натижалар етарли эмаслиги танқид қилинди.
Давлат раҳбари барча ҳудудларга бир хил ваколат, ресурс ва имконият берилганини таъкидлаб, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Йиғилишда камбағалликни қисқартиришда натижа паст бўлаётганининг сабаблари ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, «маҳалла еттилиги» учун масъул раҳбарлар қуйи тизимга қарорларни амалга ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар бермаётгани таъкидланди.
Шунингдек, туман ва маҳаллаларда камбағаллик ҳамда ишсизликка масъул ходимларнинг масъулиятни ўз зиммасига олишдан ҳадиксираётгани танқид қилинди.
Президент ўтган уч йилда маҳаллалардаги тадбиркорлик лойиҳаларига 314 триллион сўм ресурс ажратилганини айтди.
«Лекин кредитларнинг камбағалликни қисқартиришга таъсири барча туманда бирдек сезилмаяпти», — деди Шавкат Мирзиёев.

