Непалда 26 август куни юз берган ҳалокатли тошқинлар оқибатида уй-жойлар, мол-мулк ва инфратузилмага етган зарар камида 387,5 миллиард Непал рупияси — 2,56 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда мамлакат Табиий офатлар хавфини камайтириш ва бошқариш миллий бошқармаси раҳбари Дхарма Раж Упрети Reuters’га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, офатдан кейинги дастлабки тўрт ойда йўлларни тиклаш, вақтинчалик бошпаналар қуриш, ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш ва электр тармоқларини қайта тиклаш учун тахминан 52,6 миллион доллар талаб этилади. Бу ҳозирча дастлабки ҳисоб-китоб бўлиб, зарар миқдори кейинчалик батафсил баҳоланади.
Тошқиндан зарар кўрган ҳудудларда қарийб 20 мингта уйни қайта қуриш зарур. Шундан камида 7,5 мингта уй бутунлай вайрон бўлган.
Офат 26 август куни Хитой билан чегарадош ҳудудда музлик қулаши оқибатида юз берган. Муз, тош ва лой оқими Тришули дарёси бўйлаб пастга ҳаракатланиб, қишлоқлар ва инфратузилма объектларини вайрон қилган.
Reuters’нинг 4 сентябрдаги маълумотига кўра, қурбонлар сони 1 250 нафардан ошган, 4 200 дан зиёд киши бедарак қолмоқда.
Айни пайтда қутқарув ва тиклаш ишлари давом этмоқда.

