Бугун саноатнинг келажагини нафақат янги конлар, замонавий технологиялар ёки йирик инвестициялар, балки уларни бошқарадиган, янги ғояларни илгари сурадиган ва билимни реал натижага айлантира оладиган инсонлар белгилайди.
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК)да ёшлар билан ишлашга ҳам айнан шу нуқтаи назардан ёндашилмоқда.
ТМК тасарруфидаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш заводида Бошқарув раиси Фарҳод Абдуллаев ҳамда комбинат тизимида фаолият юритаётган ёшлар иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Бу анъанавий расмий учрашувдан кўра, саволларга очиқ жавоб берилган, таклиф ва ташаббуслар бевосита тингланган, келажак режалари ва ёшларнинг улардаги ўрни ҳақида самимий фикр алмашилган мулоқот майдонига айланди.
Бугунги кунда биргина заводнинг ўзида 352 нафар ёшлар бор.
Бошқарув раиси ушбу рақам ортида, аввало, инсонлар ва уларнинг келажаги турганига алоҳида урғу берди:
“Мен учун 352 нафар ёш оддий рақам эмас. Бу — 352 та тақдир, 352 та орзу, 352 та ғоя ва 352 та имкониятдир.”

Учрашувнинг асосий мавзуси ҳам айнан шу имкониятларни қандай рўёбга чиқариш мумкинлиги атрофида кечди. Касбий ўсиш, илм-фан, замонавий технологиялар, янги лойиҳаларда иштирок этиш ва ёш мутахассисларнинг келажакдаги ўрни ҳақида очиқ фикр алмашилди.
Бошқарув раиси бугунги саноатда инсон капиталига қўйилаётган талаб ҳам ўзгараётганини таъкидлади:

“Бугун дунёда энг қиммат ресурс — билимни натижага айлантира оладиган инсондир. Хорижий тилларни ўрганиш, рақамли технологиялар ва касбий маҳорат эса унинг имкониятларини кенгайтиради.”
Бу ёндашув ТМКнинг олдидаги катта саноат мақсадлари билан ҳам бевосита боғлиқ. Комбинатда янги ишлаб чиқариш лойиҳалари, илмий-тадқиқот ва технологик йўналишлар ривожланар экан, уларга янги фикрлайдиган, билимли ва ташаббускор мутахассислар зарур.

Шу сабабли мулоқот давомида ёшларнинг фақат мавжуд жараёнларда иштирок этиши эмас, балки янги ечимларни таклиф қилиши, илмий изланиш олиб бориши, замонавий технологияларни эгаллаши ва келажакда бошқарув масъулиятини ўз зиммасига олишга тайёр бўлиши муҳимлиги қайд этилди.
“Биз ТМКда ғояларни эшитишга, уларни синаб кўришга ва ишлаб чиқариш натижасига айлантиришга тайёрмиз”, — деди Бошқарув раиси.
Айнан шу фикр учрашувнинг асосий мазмунини ифодалади: ёш ходим учун ташаббус билдириш — имконият, раҳбарият учун эса уни эшитиш ва истиқболли ғояга йўл очиш — масъулият.

