Полковник Абдумажид Шермуҳамедов Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Ички ишлар вазирининг буйруғига асосан, полковник Шермуҳамедов Абдумажид Мавлянович мазкур лавозимни эгаллади. У тайинловга қадар Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Янги раҳбарни тайинлаш масаласи Андижон вилояти халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида муҳокама қилинди. Йиғилишда ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича белгиланган вазифалар кўриб чиқилди.
Шермуҳамедов зиммасига жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш ҳамда фуқаролар розилигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилди.
Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни тизимли ҳал этиш, шаҳар ва туман ички ишлар бўлимлари раҳбарлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

