Бухоро вилоятида «Арзон аптека бот» мобил иловасида жойлаштирилган эълонлар асосида айрим дорихоналарда назорат тадбирлари ўтказилди.
Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарм инспекция бошқармаси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва Ўзбекистонда тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилмаган «Беродуал», «Актовегин» ҳамда «Калимин 60 H» дори воситаларининг ноқонуний реализацияси ҳолатлари ўрганилди.
Текширувлар давомида 7 та дорихонада мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган жами 101 турдаги, шунингдек, яроқлилик муддати ўтган 5 турдаги дори воситаси сотувда экани аниқланди.
Ҳозирда савдодан олинган дори воситаларининг лаборатория экспертизаси ўтказилмоқда. Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш бўйича ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, «Арзон аптека бот» иловасида дорихона сифатида кўрсатилган «Online 5» номли субъект фаолияти ўрганилганда, Бухоро шаҳри, Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси, 309/1-уй манзилида дорихона эмас, балки «BTS» тезкор почта хизматининг Бухоро вилояти офиси фаолият юритаётгани аниқланган.
Мутасаддиларга кўра, бу ҳолатлар «Арзон аптека бот» мобил иловасида дори воситалари ва уларни реализация қилувчи субъектлар ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ҳамда дорихоналарнинг қонуний фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази сифатсиз, қалбакилаштирилган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган ёки тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилмаган дори воситалари савдосининг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилишини маълум қилди.

