Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги мактабда 3-синф ўқувчиси юқори синф ўқувчилари томонидан таҳдид қилингани ва мажбуран номаълум жисмни юттирилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, 2 сентябрь куни вояга етмаган Т.М.га юқори синф ўқувчилари таҳдид қилиб, унинг қаршилигига қарамасдан оғзига номаълум жисм солган. Бола ушбу жисмни ютиб юборган.
5 сентябрь куни унинг соғлиғи ёмонлашиб, қорнида кучли оғриқ пайдо бўлган. Шифохонада ўтказилган текширувда ички аъзолар қисмида ёт жисм борлиги аниқланган. Шифокорлар шошилинч операция орқали уни олиб ташлаган.
Ҳозирда боланинг аҳволи қониқарли бўлиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани котибияти ходимлари ҳолатни жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда. Боланинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва таълим муассасасида болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи бўйича кузатув давом эттирилади.
Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилганида хабар қилинади.

