Ўзбекистондаги туризм соҳаси вакилларининг халқаро ярмарка ва кўргазмаларда иштирок этишини ташкил этиш тартиби белгиланди.
Ҳукуматнинг 4 сентябрдаги қарори билан халқаро туризм тадбирларида иштирок этувчи туризм соҳаси субъектларини аниқлаш бўйича маъмурий регламент тасдиқланди.
Унга кўра, тадбирларда иштирок этиш учун:
• туроператорлар;
• меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари;
• транспорт ва авиация ташкилотлари;
• туризм соҳасида фаолият юритувчи бошқа тадбиркорлик субъектлари саралаб олинади.
Халқаро туризм ярмаркаси ёки кўргазмаси ҳақида эълон тадбир бошланишидан камида 120 кун олдин жойлаштирилади. Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz орқали топширилади.
Виза талаб қилинадиган давлатлардаги тадбирлар учун аризалар камида 100 кун олдин, визасиз давлатлардаги тадбирлар учун эса камида 30 кун олдин топширилиши керак.
Тадбирларда ажратилган жойларнинг 60 фоизи туроператорларга, 15 фоизи жойлаштириш воситаларига, 15 фоизи транспорт ва авиация ташкилотларига, 10 фоизи эса бошқа туризм соҳаси тадбиркорларига берилади.

