Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сербияга расмий ташрифи доирасида Сербия пойтахти Белграддаги кўчалардан бирига «Тошкент» номи бериш маросими ўтказилди.
Маросимда таъкидланганидек, мазкур қарор Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилиб, кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётганининг рамзий ифодасидир.
«Тошкент» кўчаси икки халқ ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Етакчилар ушбу кўча Ўзбекистон–Сербия муносабатларининг янги босқичи ва халқлар ўртасидаги яқин алоқаларнинг ёрқин рамзига айланишига ишонч билдирдилар.

