Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
Маълумки, 3 сентябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда ҳудудларда ишни ташкил этиш тартиби тубдан ўзгартирилиб, асосий ваколат ва ресурсларни туман даражасига тушириш белгиланганди.
Янги тизимга мувофиқ, ҳар бир вилоят ва туманда ҳоким бошчилигида штаблар ташкил этилиб, бандлик идоралари ва иқтисодий комплекс ташкилотлари одамларни иш билан таъминлаш ва даромадини ошириш масалаларини жойнинг ўзида ҳал қилиши лозим.
Бугунги йиғилишда ана шу вазифалар ижроси, штаблар фаолияти ва жойларда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, барча ҳудудларда штаблар иш бошлади. Уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун иқтисодий комплексдан ҳар бир вилоятга 2 нафардан, жами 28 нафар масъул раҳбар бириктирилди. Ислоҳотлар штаби, вазирликлар, банклар ва маҳаллий ҳокимликлар янги тизим асосида ишни бошлаган.
Шу билан бирга, айрим раҳбарлар ҳали ҳам ишни кабинетдан туриб ташкил этаётгани, маҳаллага тушиб, ҳар бир оила ва ҳар бир корхонадаги ҳақиқий ҳолатни ўрганмаётгани кўрсатиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари бундай ёндашув билан натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлади.
Ҳокимлар камбағаллик масаласига фақат ижтимоий реестр нуқтаи назаридан қарамаслиги зарурлиги қайд этилди. Ижтимоий реестр аҳолини қўллаб-қувватлаш воситаси, камбағалликни қисқартириш эса оилани барқарор даромад манбаига боғлаш, иш ўрни, инфратузилма ҳамда шароит яратиш билан боғлиқ комплекс вазифадир.
Йиғилишда ҳар бир туманда тайёр имкониятларни ишга солиш орқали бандликни ошириш мумкинлиги аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, Қўшкўпир туманида 43 миллион еврога қурилган, 1 минг 300 та иш ўрнига мўлжалланган тўқимачилик корхонаси йил бошидан буён ишламай тургани танқид қилинди. Корхона фаолияти тикланса, банк томонидан кризис-менежер жалб этилиб, у тўлиқ қувватга чиқарилиши мумкин.
Шу каби 124 та корхонанинг 6 триллион сўмлик активларига қўйилган чекловларни қайта кўриб чиқиш ва уларни банк бошқарувига бериш орқали 10 минг иш ўрнини тиклаш имконияти борлиги қайд этилди.
Оқолтин туманидаги “Оқолтин мега текстиль” корхонаси мисолида ҳам банклар балансига ўтган тайёр объектларни қисмларга бўлиб сотиш ўрнига уларни қайта ишга тушириш орқали юзлаб одамларни банд қилиш мумкинлиги кўрсатилди.
Умуман, давлат банклари балансида 10 триллион сўмлик 2,5 мингга яқин мол-мулк мавжуд. Уларни самарали ишга солиш орқали 40 мингтагача иш ўрни тикланиши мумкин.
Мутасаддиларга бир ҳафта муддатда қарздорлик ҳисобига банклар балансига ўтган корхоналарни тўлиқ хатловдан ўтказиш, йил якунига қадар уларни яхлит ишлаб чиқариш сифатида сотиш ёки менежер тайинлаб, фаолиятини тиклаш чораларини кўриш топширилди.
Қишлоқ туманларида эҳтиёжманд оила аъзосини ишга олган корхоналар учун 1 октябрдан ушбу ходим бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 2 фоиз бўлиши белгиланди.
Йиғилишда хусусий сектор имкониятларидан самарали фойдаланишга ҳам эътибор қаратилди. Оқолтин туманида тадбиркор томонидан 880 ўринли хусусий мактаб ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг 110 нафар фарзанди бепул ўқитилаётгани ижобий мисол сифатида келтирилди.
Ушбу ташаббуснинг муҳим шарти шундаки, бепул таълим олаётган боланинг ота-онаси ишга жойлашиши, фарзандининг мунтазам дарсга қатнашини таъминлаши керак. Натижада ота-она ишли бўлади, фарзанд эса сифатли таълим олади.
Ҳазорасп туманидаги тикувчилик корхонасида 400 та бўш иш ўрни борлиги, бироқ бола парвариши билан боғлиқ шароит етарли эмаслиги сабабли кўплаб аёллар ишга чиқа олмаётгани қайд этилди. Корхона раҳбари боғча ташкил этиш учун ер ажратилса, аёллар учун овқатланиш ва транспорт шароити яратишга тайёрлигини билдирган.
Шу муносабат билан тадбиркорлар боғча, мактаб ва техникум ташкил этиш бўйича тайёр лойиҳалар таклифи билан чиқиб, эҳтиёжманд оила фарзандларини бепул ўқитмоқчи бўлса, давлат ер участкаларини 1 миллион сўм бошланғич нарх билан аукционга чиқаришга тайёр экани таъкидланди.
Аҳоли бандлигини оширишда сервис соҳасининг имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида сартарошхона, гўзаллик салони, кичик дўкон, ателье, пойабзал ва маиший техника устахонаси каби одамларга қулай хизмат турларини ташкил этиш мумкин. Бироқ амалда хонадонни нотурар жойга ўтказиш учун ортиқча тартиблар ва рухсатлар талаб этилади.
Шу боис, кўп квартирали уйларнинг биринчи қаватидаги хонадонларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан, савдо ва сервис фаолиятига мослаштиришга рухсат бериш таклиф этилди. Бунда хабардор қилишнинг ўзи етарли бўлади.
Мутасаддиларга бир ой муддатда бундай хонадонларда ташкил этилиши мумкин бўлган хизмат турлари рўйхати ва хавфсизлик талабларини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда туман ва маҳалла даражасида ишни ташкил этиш бўйича қўшимча вазифалар ҳам белгилаб берилди. Аввало, ҳар бир ҳудудда тўлиқ ишлатилмаётган ёки бўш турган бино-иншоотлар, шунингдек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни кенгайтириш мумкин бўлган ер майдонларини аниқлаб, уларни янги лойиҳаларга боғлаш зарурлиги таъкидланди.
Туман ва маҳаллаларнинг гавжум кўчаларида мастер-режалар асосида тадбиркорлик лойиҳаларини жойлаштириш, тарихий шаҳарлар ва туризм маҳаллаларида кўчаларни “эски шаҳар” услубида таъмирлаб, меҳмон уйлари, савдо ва сервис шохобчаларини кўпайтириш вазифаси қўйилди.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида эски боғлар ва қаровсиз ерларни янгилаш, ҳар бир гектардан олинадиган даромадни ошириш муҳимлиги қайд этилди. Бу орқали ердан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни кўпайтириш ва қишлоқ аҳолиси учун қўшимча манба яратиш мумкин.
Кўп қаватли уйлар атрофидаги бўш жойларни аниқлаб, ўзбошимчалик билан эгалланган ҳудудларни тартибга келтириш, умумий фойдаланишдаги болалар майдончалари, спорт ва фитнесс ҳудудлари, яшил майдонлар ташкил этиш ҳамда кўчаларни ёритиш бўйича топшириқлар берилди.
Аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб этиш, маҳалла ва кўчаларда оммавий юриш, жисмоний машқлар, эрталабки ва кечки бадантарбия машғулотларини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Мактаб, техникум, олийгоҳ ва бошқа ташкилот биноларининг бўш хоналарида, асосий хоналарнинг дарсдан ташқари вақтларида ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунар ҳамда тилларга ўқитиш муҳитини яратиш вазифаси белгиланди.
Ҳар бир маҳаллада жамоатчилик ишларига бефарқ бўлмаган фаол фуқаролар ва оқсоқоллар борлиги, уларни маҳалла атрофида жипслаштириш орқали одамларни эзгу ташаббусларга жалб этиш, боқимандалик ва бефарқликка барҳам бериш мумкинлиги таъкидланди.
Яқинда имзоланган Президент фармони билан маҳалла тизими билан ишлаш бўйича Бош вазир ўринбосари лавозими жорий этилди. Унга тайинланган масъул раҳбар олдига ҳокимлар, туман идоралари, “маҳалла еттилиги” ва банклар фаолиятини ягона тизимда мувофиқлаштириш, улар юритаётган электрон платформаларни бирлаштириш вазифаси қўйилди.
Бундан буён маҳаллага тегишли масалалар бўйича “еттилик”ни мувофиқлаштирувчи раҳбарлар томонидан алоҳида-алоҳида йиғилишлар ўтказилишига йўл қўйилмайди. Барча масалалар ҳафтада бир марта Бош вазир ўринбосари бошчилигида барча раҳбарлар иштирокида муҳокама қилинади.
Мамлакатимиз етакчиси маҳаллада ишни тўғри ташкил этиш, давлат сиёсатини энг қуйи бўғингача етказиш ва ҳар бир оилани барқарор даромад манбаига боғлаш барча даражадаги раҳбарлар учун энг муҳим вазифа эканини таъкидлади.
Йиғилишда жойлардаги ислоҳотлар штаби, ҳудудлар раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.

