Қозоғистонда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган фастфуд, ширин газли ичимликлар ҳамда таркибида шакар, туз ва ёғ миқдори юқори бўлган маҳсулотлар рекламаси чекланиши мумкин.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни ишлаб чиқмоқда. Чекловлар телевидение, радио, ташқи реклама, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар орқали тарқатиладиган рекламаларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин.
Вазирлик таъкидлашича, гап бундай маҳсулотларни сотишни тақиқлаш ҳақида эмас. Асосий мақсад — реклама таъсирида болаларда шаклланадиган носоғлом овқатланиш одатларини камайтириш.
Маълумотларга кўра, Қозоғистонда 6–9 ёшли ҳар тўрт боладан бири ортиқча вазнга эга, 6 фоизида эса семириш қайд этилган.
Ташаббус Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг 26 август куни педагоглар конференциясида билдирган фикрларидан кейин илгари сурилган. Президент фастфуднинг агрессив рекламаси болаларда зарарли одатларни шакллантириши ва соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча юклама келтиришини таъкидлаб, ҳукуматга бу масалани тартибга солишни топширган.
Қозоғистонда айрим чоралар аллақачон жорий қилинган. Жумладан, 21 ёшга тўлмаганларга энергетик ичимликлар сотиш тақиқланган. 2025 йил сентябридан мактаб ва боғчалар ошхоналарида шакар ва туз миқдорини камайтириш, сабзавот ҳамда сут маҳсулотлари улушини оширишга қаратилган янги овқатланиш стандарти амал қилмоқда.

