Олимлар инсонлар бир-бирини илк бор кўрганда ёки қисқа мулоқотдан сўнг пайдо бўладиган «яхши» ёки «нохуш» таассуротни организмдаги электромагнит жараёнлар билан изоҳлаш мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Янги гипотезага кўра, инсон танаси атрофдаги электромагнит сигналларни қабул қиладиган биоантенна каби ишлаши мумкин. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мия, юрак ва асаб тизими ҳосил қиладиган майдонлар инсонлар ўртасидаги ўзаро таъсирда маълум роль ўйнаши эҳтимолдан холи эмас.
Инсон организмидаги электр фаоллиги ташқи муҳитга таъсир қиладиган электромагнит майдонларни ҳосил қилади. Айниқса, юрак фаолияти организмдаги энг кучли электромагнит майдонлардан бирини юзага келтиради. Уни махсус юқори сезгир магнитометрлар ёрдамида бир неча метр масофадан қайд этиш мумкин.
Мутахассислар организмнинг электромагнит майдони инсоннинг ҳиссий ҳолати ва жисмоний фаоллигига қараб ўзгаришини таъкидламоқда. Шу асосда атрофдаги электромагнит сигналлар ҳам инсоннинг кайфияти ва бошқа одамларни қабул қилишига муайян даражада таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида тахмин илгари сурилган.
Агар ушбу гипотеза келгуси тадқиқотларда тасдиқланса, бу инсонларнинг ижтимоий ўзаро муносабатларини ўрганишга янги ёндашувларни пайдо қилиши мумкин. Хусусан, келажакда махсус қурилмалар ёрдамида одамлар ўртасидаги электромагнит ўзаро таъсирни ўрганиш ва жамоаларни шакллантиришда қўшимча мезон сифатида фойдаланиш имконияти кўриб чиқилмоқда.

