Руминия пойтахти Бухарестда 20 мингга яқин киши болалар психиатрия клиникаси қурилиши учун маблағ тўплаш мақсадида 5 километрдан узун дастурхон атрофида жамланди.
«Бирлаштирувчи стол» деб номланган тадбирда узунлиги 5055 метр бўлган столлар Унирии бульваридан Конституция майдонигача ёйилди. Стол қайта ишланган материаллардан тайёрланган бўлиб, тадбир ташкилотчилари Гиннес рекордлар китоби сертификатини қўлга киритди.
Тадбирдан тушган маблағ Бухарестдаги Обрегия шифохонаси ҳудудида болалар психиатрия бўлими қурилишига йўналтирилади. 3900 квадрат метрлик, беш қаватли янги бино ҳар йили оғир руҳий касалликларга чалинган 5700 дан ортиқ болага тиббий ёрдам кўрсатиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 16,5 миллион евро деб баҳоланган. Қурилишни 2027 йилгача якунлаш режалаштирилмоқда.

