Дубай Савдо-саноат палатаси ҳузурида Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши — Uzbekistan Business Council in Dubai ташкил этилди.
Янги кенгаш Дубай ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда янги бизнес ва инвестиция имкониятларини излашга кўмаклашади.
Кенгашга ўзбекистонлик тадбиркор, Aksum Group холдинги асосчиси Улуғбекхон Мақсумов раҳбарлик қилади.
Кенгашнинг биринчи йиғилиши Дубай Савдо-саноат палатасининг бош қароргоҳида ўтказилиб, унда қўшма бизнес лойиҳалари, инвестициявий имкониятлар, тажриба алмашиш ва икки мамлакат компаниялари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, 2025 йилда Дубай ва Ўзбекистон ўртасидаги нефть билан боғлиқ бўлмаган савдо ҳажми 10,3 млрд дирҳамга етган. Дубай Савдо-саноат палатаси аъзолари орасидаги Ўзбекистон компаниялари сони 21,3 фоизга ошиб, 826 тага етган. 2026 йилнинг биринчи ярмида палатага Ўзбекистондан яна 75 та компания қўшилган.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда БАА капитали иштирокидаги 450 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда. Сўнгги уч йилда амирлик инвесторлари мамлакат иқтисодиётига 3 млрд доллар сармоя киритган. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 млрд долларни ташкил этган.

