SSPE (ўткир ости склерозловчи панэнцефалит) — қизамиқнинг энг оғир асоратларидан бири. У марказий асаб тизими ва бош мияни зарарлайди. Энг хавфлиси, бола қизамиқдан тузалиб кетганидан кейин ҳам касаллик 7–10 йил ўтиб намоён бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, бугун республика бўйича SSPE билан касалланган 238 нафар бола рўйхатга олинган. Уларнинг 133 нафари (55,8 фоизи) қизамиққа қарши эмланмаган.
Яна бир муҳим рақам: SSPE билан касалланган болаларнинг 228 нафари (95,8 фоизи) бир ёшга тўлмасидан қизамиқ билан касалланган. 2019 йилдаги миллий эмлаш календари бўйича эса қизамиққа қарши вакцина болаларга 1 ёшдан қилиниши белгиланган. Яъни бу болалар қизамиқни вакцина олиш ёшига етмасидан олдин юқтирган.
Жаҳонда қизамиқ билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарор эмаслиги сабаб, 2023 йилдан Ўзбекистонда болаларни қизамиққа қарши 6 ойликдан эмлаш бошланган.
Бу рақамлар болаларни ўз вақтида қизамиққа қарши эмлаш қанчалик долзарб эканини яққол кўрсатмоқда. Чунки бола қизамиқдан соғайиб кетган тақдирда ҳам, йиллар ўтиб касалликнинг энг оғир асоратларидан бири — SSPE ривожланиши мумкин.
Шунинг учун энг муҳими — болани қизамиқ юқишидан ҳимоя қилиш. Бунинг энг самарали йўли эса — қизамиққа қарши вакцинани ўз вақтида олиш.

