Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизими ислоҳ қилиниб, соҳада бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Бу Президентнинг 12 сентябрда қабул қилинган «Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, соҳадаги функцияларни ихтисослаштириш ва молиявий шаффофликни таъминлаш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ таъсисчилигида «LPG-Trade» МЧЖ ташкил этилади.
Янги тизимда аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш устуворлиги таъминланади. Республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган суюлтирилган газ, ўз шохобчаларида сотиладиган ҳажмлардан ташқари, фақат биржа савдолари орқали сотилади.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб берувчи корхоналар маҳсулотни биржадан ёки импортдан тўғридан-тўғри харид қилиши мумкин бўлади.
Шунингдек, хусусий секторни жалб қилиш ва рақобат муҳитини шакллантириш орқали соҳада бозор механизмлари босқичма-босқич жорий этилади. Бунда суюлтирилган газ таъминотидаги кросс-субсидиялаш амалиёти ҳам босқичма-босқич бекор қилинади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари давлат томонидан моддий қўллаб-қувватланади.

