Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда пенсия ёшини босқичма-босқич ошириш таклиф этилмоқда.
Лойиҳага кўра, 2028 йил 1 январдан пенсия ёши ҳар йили 3 ойдан ошириб борилади. Натижада 2039 йилга келиб эркаклар 63 ёшда, аёллар эса 58 ёшда пенсияга чиқиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблашда инобатга олинадиган иш ҳақи даври ҳам ўзгаради. Ҳозирги охирги 5 йил ўрнига ушбу давр ҳар йили бир йилдан оширилиб, 20 йилга етказилиши таклиф қилинмоқда. Бунда энг кам даромад олинган 10 фоизлик давр ўртача иш ҳақини ҳисоблашдан чиқариб ташланади.
Қарилик пенсияси тайинланиши учун талаб этиладиган энг кам иш стажи ҳам 7 йилдан 15 йилгача босқичма-босқич оширилиши режалаштирилган. Бу талаб 2034 йилга бориб 15 йилга етказилади.
Лойиҳада жамғариб бориладиган пенсия тизимига оид ўзгаришлар ҳам назарда тутилган. 2027 йилдан иш ҳақи пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 15 бараваридан кам бўлган фуқаролар ихтиёрий равишда иш ҳақининг 5 фоизини жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига йўналтирса, давлат бюджети ҳисобидан уларнинг бадалига қўшимча маблағ ажратилиши таклиф этилмоқда.
Шунингдек, 2030 йил 1 январдан жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағидаги маблағлардан оғир касалликларни даволаш ва ипотека кредити учун дастлабки бадал сифатида фойдаланишга рухсат бериш режалаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар ҳозирча Президент фармони лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, ҳужжат жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

