«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров Тошкент марказидаги маданий мерос объектини бузиш таклифини билдирди. Маданий мерос агентлиги эса тарихий бинолар «керак ёки керак эмас» тамойили асосида эмас, балки уларнинг тарихий ва маданий қиймати, қонунчилик ҳамда профессионал экспертиза асосида баҳоланишини маълум қилди.
Қодиров ўз баёнотида Тошкент марказидаги эски бинолардан бири маданий мерос объекти сифатида муҳофаза қилинаётганини танқид қилган. У мазкур бинога «қайсидир рус рассомининг уйи» сифатида баҳо бериб, уни бузиш кераклигини айтган.
Маданий мерос агентлиги маълум қилишича, гап Бобур кўчасидаги 7-уй ҳақида кетмоқда. 1935 йилда қурилган ушбу бино таниқли меъмор Алексей Щусев номи билан боғлиқ. Турли йилларда бу ерда академиклар Тошмуҳаммад Қори-Ниёзий ва Василий Шишкин, шунингдек, Раҳим Атажонов ва Натан Маллаев каби илм-фан ва маданият намояндалари яшаган.
Агентликка кўра, бино 2020 йилда моддий маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига киритиш учун маъқулланган. 2021 йилда уни рўйхатдан чиқариш таклифи рад этилган. Ҳозирда объект давлат муҳофазасида.
Шу билан бирга, 2018 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан «UNIVERSAL PACKING MASTERS» МЧЖга мазкур манзилдаги биноларни бузиш ва кўп қаватли турар жой қуриш учун ер участкаси ажратилган. Агентлик ушбу қарор объектнинг маданий мерос мақоми белгиланишидан аввал қабул қилинганини билдирган.
2026 йил 5 август куни биноларни Миллий рўйхатдан чиқариш бўйича яна мурожаат келиб тушган. 19 август куни Агентлик объектни рўйхатдан чиқариш мақсадга мувофиқ эмаслигини маълум қилган ҳамда 2018 йилдаги қарор юзасидан ҳуқуқий баҳо беришни сўраб Бош прокуратурага мурожаат қилган.
Агентлик вакили Элмурод Нажимовнинг таъкидлашича, маданий мерос объектларининг қиймати улар билан боғлиқ шахсларнинг миллатига қараб белгиланмайди. Унинг қайд этишича, Тошкентнинг тарихи турли меъморий мактаблар, илм-фан ва маданият вакиллари ҳиссаси билан шаклланган.
Агентлик бундан кейин ҳам маданий мерос объектларини сақлаш масаласида шахсий қарашлардан эмас, қонунчилик, илмий экспертиза ва тарихий-маданий қиймат мезонларидан келиб чиқиб иш олиб борилишини маълум қилди.

