Суданнинг Ғарбий Кордофан вилоятидаги норасмий олтин конида рўй берган ўпирилиш оқибатида камида 82 киши ҳалок бўлди. Ўнлаб кончилар ҳануз бедарак йўқолган.
Маълумотларга кўра, фожиа норасмий тарзда олтин қазиб олинадиган конда содир бўлган. Бундай конларда шахталар кўпинча зарур муҳандислик талабларига риоя қилинмаган ҳолда қазилади. Бу эса ер ости иншоотларининг беқарорлашиши ва ўпирилиш хавфини оширади.
Қутқарув хизматлари вайроналар орасидан 82 кишининг жасадини олиб чиққан. Бироқ кончиларнинг бир қисми ҳануз вайроналар остида қолган бўлиши мумкин. Ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Суданда норасмий олтин қазиб олиш кенг тарқалган. 2023 йил апрелида бошланган қуролли тўқнашувлардан кейин мамлакатда иш ўринлари қисқариб, иқтисодий шароит оғирлашган. Шу сабабли кўплаб аҳоли учун хавфсизлик талаблари етарлича таъминланмаган норасмий конларда ишлаш тирикчилик манбаига айланган.

