Саудия Арабистони сентябрь ойи охирида Европа харидорларига етказиб берилиши режалаштирилган хом нефть партияларининг бир қисмини бекор қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги уч манбага таяниб хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бунга мамлакат нефть экспорти логистикасида юзага келган узилишлар сабаб бўлган. Хусусан, Саудия Арабистонининг «Шарқ — Ғарб» нефть қувурига қилинган ҳужумлардан сўнг унинг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Ушбу қувур мамлакат шарқидаги нефть конларини Қизил денгиз соҳилидаги Янбу порти билан боғлайдиган асосий йўналиш ҳисобланади.
Шунингдек, Қизил денгиздаги ҳусийлар ҳужуми ҳамда Ҳурмуз бўғозидаги ташишлар билан боғлиқ чекловлар ҳам нефть экспортига босим ўтказмоқда. Шу сабабли Европа харидорларига етказиб бериладиган нефть ҳажмини қисман ўзгартиришга тўғри келган.
Эслатиб ўтамиз, 11 сентябрь куни Саудия Арабистони Энергетика вазирлиги «Шарқ — Ғарб» қувури орқали нефть ҳайдаш бир нечта дрон зарбаларидан сўнг эҳтиёт чораси сифатида тўхтатилганини маълум қилган эди. Кейинроқ мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ҳужум Ироқ ҳудудидан учирилган дронлар орқали амалга оширилганини билдирган.
Saudi Aramco компанияси ҳозирча вазият юзасидан расмий изоҳ беришдан бош тортмоқда.

