Мактаб, боғча ва бошқа давлат ҳамда нодавлат таълим ташкилотларида болаларга нисбатан жисмоний ёки психологик зўравонликка йўл қўйган педагоглар маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Янги қонунчиликда бундай ҳолатлар учун 440 минг сўмдан 2,2 млн сўмгача жарима, айрим ҳолларда эса бир йилгача педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш чораси белгиланмоқда.
Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга оид янги қонунлар мазмун-моҳиятига бағишлаб ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.
Агентликнинг Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган болалар учун ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Дилноза Ҳусанованинг таъкидлашича, янги нормаларнинг асосий мақсади таълим муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш ва зўравонликнинг олдини олишдан иборат.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг 9 ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига 1246 қисқа рақами ва 1070 бот канали орқали келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинган. Уларнинг натижасида таълим ташкилотларида 100 га яқин бола зўравонлик ёки ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларга дуч келгани аниқланган.
Қайд этилган ҳолатлар орасида болага нисбатан жисмоний зўравонлик, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга қаратилган психологик тазйиқ ҳамда болани қаровсиз қолдириш каби ҳолатлар бор.
Янги тартибга кўра, таълим ташкилотларида болаларга нисбатан жисмоний ёки психологик зўравонлик содир этилса ёки уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва таълим олишига хавф туғдирадиган даражада қаровсиз қолдирилса, масъул педагог ходимларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Мутахассиснинг қайд этишича, мазкур нормаларни ишлаб чиқишда хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилган. Унинг таъкидлашича, мақсад фақат педагогларни жазолаш эмас, балки таълим ташкилотларида зўравонликсиз муҳитни шакллантириш, педагогларнинг касбий салоҳияти ва болалар билан мулоқот маданиятини оширишдир.
Янги қонунчиликда болаларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар ҳам назарда тутилган. Хусусан, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уй-жойни уларнинг эгалик ҳуқуқи билан расмийлаштиришда давлат божи ундирилмайди.
Шунингдек, васийлик ва ҳомийлик соҳасида ҳам ҳимояга муҳтож шахсларнинг мулкий манфаатларини кафолатлашга қаратилган талаблар кучайтирилмоқда. Жумладан, васий ва ҳомийларнинг қарамоғидаги шахсга тегишли мулкий ҳуқуқлардан, шунингдек, ҳадя ёки меросдан воз кечиш билан боғлиқ айрим ҳаракатларни амалга ошириш имконияти чекланмоқда.
Мутахассиснинг таъкидлашича, болага нисбатан зўравонлик қаерда содир бўлишидан қатъи назар, уни ҳимоя қилиш механизмлари самарали ишлаши керак.

