Ижтимоий тармоқларда Тошкентда автобус ҳайдовчиларининг ойлик маоши кечикаётгани ва тўловларда ноаниқликлар борлигидан норози бўлгани акс этган видеолар тарқалди.
Ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» расмий изоҳ бериб, ҳайдовчиларнинг мурожаатларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди.
Маълумотга кўра, корхона таркибидаги саккизта автобус саройида ишловчи ҳайдовчиларнинг маоши ўтган ойдаги иш натижалари асосида ҳисобланади. Бунда кейинги ойнинг 1-санасидан 10-санасигача ҳайдовчининг ишлаган соатлари, бажарган қатновлари ва уларнинг мунтазамлиги, шунингдек, йўналишда содир этган қоидабузарликлари ўрганилади.
Ҳисоб-китоблар якунлангач, ойлик маош миқдори аниқланади ва тўлов амалга оширилади.
«Тошшаҳартрансхизмат» август ойи учун ҳисобланган маошлар ҳайдовчиларга 15 сентябрдан бошлаб тўланаётганини билдирди.
Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатлардаги ҳолатларни текшириш учун жамият масъул ходимларидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Ҳайдовчиларнинг ҳар бир мурожаати алоҳида ўрганилиб, текширув натижасида камчиликлар аниқланса, масъулларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиши айтилди.
Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

