Колумбия пойтахти Боготада 35 ёшли Лизбет Патиньо инсонга эмас, балки TransMilenio жамоат транспорти тизимида ҳаракатланувчи автобусга «турмушга чиқди».
Маросим яширинча ўтказилган. Аёл оқ либос кийган, торт буюртма қилган ва марваридли узук таққан. Тўйда эса фақат бир нафар меҳмон қатнашган.
Колумбия қонунчилигида бундай никоҳни расмий рўйхатдан ўтказиш имкони йўқ. Шу сабабли Патиньо ўзича никоҳ гувоҳномаси тайёрлаб, унга имзо чеккан.
У «турмуш ўртоғи» билан ҳар куни бирга бўлиш учун ҳамширалик касбини тарк этиб, автобуслар паркида тозаловчи бўлиб ишлай бошлаган.
Аёл автобусини ҳимоя қилишини айтиб, салон ойнасини синдирмоқчи бўлган вандалга қарши чиққан. Бир ой аввал эса севикли автобусининг суратини танасига татуировка қилдирган.
Патиньонинг айтишича, унда жонсиз объектларга нисбатан романтик туйғулар уйғотадиган «объектофилия» деб аталувчи ғайриоддий ҳолат мавжуд. Ушбу қизиқиш унда болалигидан бошланганини айтиб, 10 ёшида шаҳарлараро автобусга мактублар ёзганини эслаб ўтган.

