Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Марказий банк халқаро захираларнинг бир қисмини ташқи бошқарувга беришни кўриб чиқмоқда

19.09.2026 09:10

16

Марказий банк 2020 йилда Жаҳон банкининг захираларни бошқариш бўйича RAMP дастурига қўшилган. 2024 йилда эса биринчи марта АҚШ ғазначилик облигацияларини харид қилган. Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, захираларни бошқаришда асосий тамойиллар хавфсизлик, ликвидлилик ва даромадлилик бўлиб, улар айнан шу тартибда устувор ҳисобланади.

Ўзбекистон Марказий банки халқаро захираларни активлар, валюталар ва контрагентлар бўйича янада диверсификация қилиш доирасида уларнинг бир қисмини ташқи бошқарувга бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Тимур Ишметов 18 сентябрь куни Тошкентдаги давлат активларини бошқариш бўйича халқаро форумда маълум қилди.

Ишметовнинг айтишича, 1 сентябрь ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд доллардан ошган. Бу мамлакатга бир йилдан ортиқ импортни қоплаш имконини беради.

Марказий банк раиси маълум қилишича, 2026 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг олтин захиралари қарийб 50 тоннага кўпайган. У Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига таяниб, бу дунё марказий банклари орасида ҳажм бўйича иккинчи энг катта ўсиш бўлганини қайд этди.

Марказий банк 2020 йилда Жаҳон банкининг захираларни бошқариш бўйича RAMP дастурига қўшилган. 2024 йилда эса биринчи марта АҚШ ғазначилик облигацияларини харид қилган.

Тимур Ишметовнинг таъкидлашича, захираларни бошқаришда асосий тамойиллар хавфсизлик, ликвидлилик ва даромадлилик бўлиб, улар айнан шу тартибда устувор ҳисобланади.

«Кейинги қадам — янада диверсификация қилиш: активлар синфлари, валюталар ва контрагентлар бўйича», — деди Марказий банк раиси.

Унинг сўзларига кўра, йўналишлардан бири захираларнинг бир қисмини ташқи бошқарувга ўтказиш бўлиши мумкин. Бу Марказий банк мутахассисларига халқаро активларни бошқарувчи компаниялар билан бевосита ишлаш ва уларнинг тажрибасини ташкилот ичига олиб кириш имконини бериши кутилмоқда.

Ишметов жаҳон захираларида олтин ва АҚШ долларининг роли ўзгараётганини ҳам қайд этди. Унинг айтишича, Жаҳон олтин кенгаши сўровида иштирок этган марказий банкларнинг 89 фоизи келгуси 12 ойда глобал олтин захиралари ошишини кутмоқда, 45 фоизи эса ўз олтин захираларини кўпайтиришни режалаштирмоқда.

Марказий банк раиси бозорлардаги ўзгаришлар захираларни бошқаришни мураккаблаштираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир регулятор олдида захираларни битта активда қанча даражада жамлаш мумкинлиги, барқарорликни қандай таъминлаш ва аввалги йиллардаги бозор корреляциялари ўзгараётган шароитда активларни стратегик тақсимлаш каби масалалар турибди.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган