Рекламангиз учун жой

Формат: 1200x90px | Боғланиш: info@ogoh.uz

Қорақалпоғистонга келаси йили 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилинади

19.09.2026 12:39

7

Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги «драйвер» лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу орқали камида 50 минг кишини даромадли қилиш вазифаси белгиланди. Ҳудуддаги 2 минг тадбиркор сўнгги уч йилда 2 триллион 145 миллиард сўм кредитни ўз вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган.

Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш бўйича вазифалар белгиланди. Келаси йили ҳудудга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Тармоқ раҳбарларига Қорақалпоғистонда «хомашё – тайёр маҳсулот – экспорт» занжири асосида лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва қўшилган қийматни ошириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш топширилди.

Жумладан:

— Амударё, Беруний, Тахтакўпир, Кегейли ва Тўрткўлда тўқимачилик ҳамда чарм саноатида 150 миллион долларлик лойиҳалар;

— Нукус шаҳри, Нукус тумани ва Қораўзакда электротехника саноатида 200 миллион долларлик;

— Қораўзак, Бўзатов ва Берунийда энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 100 миллион долларлик;

— Нукус шаҳрида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича 120 миллион долларлик;

— Нукус шаҳри, Қонликўл, Кегейли, Чимбой ва Бўзатовда фармацевтика соҳасида 50 миллион долларлик лойиҳалар йўлга қўйилади.

Шунингдек, Италиянинг «Bonifika Ferrarizi» компанияси билан Тахтакўпир туманида 50 миллион долларлик лойиҳа бошланмоқда. Унда 2 минг гектар майдонда Италия технологияси асосида помидор ва ғалла етиштирилиб, чуқур қайта ишланади ҳамда Европа бозорига экспорт қилинади.

15 октябргача ҳар бир туман бўйича «road show»лар ўтказилади. Вилоят ҳокимларига инвесторларни жалб этиб, 2–3 минг юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.

Оилавий тадбиркорлик кредитлари 12 фоизга туширилади

Қорақалпоғистонда оилавий тадбиркорлик кредитлари ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилади.

Келаси йили бу йўналишдаги ресурслар икки карра оширилиб, Уйчи ва Зарбдор тажрибаси асосидаги «драйвер» лойиҳаларга 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу орқали камида 50 минг кишини даромадли қилиш вазифаси белгиланди.

Ҳудуддаги 2 минг тадбиркор сўнгги уч йилда 2 триллион 145 миллиард сўм кредитни ўз вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган. «Мижозни ўстириш» модели асосида яна 30–40 минг одамни ишли ва даромадли қилиш имконияти борлиги қайд этилди.

Ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 миллиард сўмлик кредит линияси очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун кредит ставкаси 12 фоизга тушади. Қолган 8 та банкка ҳам бир ой ичида шундай қулай кредит маҳсулотларини ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, туман ҳокимларига шу йил иқтисодий ўсиш ва бандликка туртки берадиган яна иккитадан лойиҳа тайёрлаб, 10 минг кишини даромадли қилиш вазифаси қўйилди. Бу мақсадлар учун 100 миллиард сўм ажратилади ва бир ҳафта ичида молиялаштириш бошланади.

Маълум қилинишича, сўнгги икки йилда бизнес инфратузилмасига 370 миллиард сўм ажратилиши натижасида 2 минг 200 та савдо ва сервис объекти ишга туширилиб, қарийб 10 мингта иш ўрни яратилган.

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган