Хабарингиз бор, маҳалла профилактика инспекторларига янги ваколатлар берилди. Президентнинг 2026 йил 4 сентябрдаги ПҚ-314-сон қарорига мувофиқ, уларга маҳалла йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилиши билан боғлиқ 4 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича жазо қўллаш ваколати берилган.
Аммо бу ваколатни айрим «участкавой»лар ёппасига жарима ишлаш сифатида тушунаётган кўринади.
Бунга Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги ҳолат мисол. Ижтимоий тармоқларда профилактика инспектори давлат рақами ва бошқарув ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган скутерларни эвакуаторга орттириб кетаётгани акс этган видео тарқалди.
Бугун шаҳардан узоқроқ маҳаллаларда скутер одамлар учун шунчаки кўнгилочар транспорт эмас. У кўпчиликнинг кундалик эҳтиёжини енгиллаштириб турган улов. Кимдир ишга, кимдир бозорга, яна кимдир қишлоқдаги юмушларига скутерда боради. Айримлар уни ҳатто муддатли тўловга олади.
Шундай шароитда йўл хавфсизлигини таъминлашда энг аввало реал хавф туғдираётган ҳолатларга эътибор қаратиш керак эмасми?
Катта тезликда ҳаракатланаётган, пиёдаларга ёки бошқа транспортларга хавф туғдираётган машиналар бир четда қолиб, сигирига ўт ўриб келиш учун скутерда секингина далага кетаётган фуқарога қарши курашиш наҳотки маҳалла хавфсизлигининг биринчи талаби бўлса? Бу бироз эриш туюлмайдими?
Янги ваколатнинг мақсади ҳам шунчаки кўпроқ жарима ёзиш бўлмаслиги керак. Инспекторнинг иши «бир ойда қанча жарима ёзилди?» деган рақам билан эмас, маҳаллада хавфсизлик қанчалик таъминлангани ва ҳуқуқбузарликлар қанчалик камайгани билан баҳоланиши керак.
Айниқса, янги ваколатнинг дастлабки кунларида аҳолига янги талабларни тушунтириш, қайси ҳолатда қандай чора кўрилишини аниқ етказиш муҳим.
Акс ҳолда, маҳаллада хавфсизликни таъминлаш учун берилган ваколат одамлар тасаввурида «яна бир жарима ёзадиган инспектор» пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Зеро, профилактика инспекторининг вазифаси одамларни жаримага тортиш билан чекланмаслиги керак.

