Тадқиқотчилар Селия Бланко бошчилигида Ер цивилизациясининг келгуси 1000 йилдаги 10 та эҳтимолий сценарийсини компьютерда моделлаштиришди. Моделда жамиятнинг технологик ривожланган ҳолатда қанча вақт сақланиши асосий кўрсаткич сифатида олинган. Турли сценарийларда бу кўрсаткич 38 фоиздан 100 фоизгача фарқ қилган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, технологик цивилизация фақат бир марта гуллаб-яшнаб, сўнг бутунлай йўқолиб кетиши шарт эмас. У «юксалиш — таназзул — тикланиш» циклларидан ўтиши ва муайян даврларда технологик жиҳатдан пасайиш босқичида бўлиши мумкин.
Бу гипотеза Ферми парадоксини ҳам изоҳлаши мумкин. Агар цивилизациялар коинотга ўз сигналларини фақат маълум бир ривожланган даврида тарқатса, уларнинг фаол босқичлари бир-бирига мос тушмаслик эҳтимоли юқори. Натижада, коинотда кўплаб цивилизациялар мавжуд бўлса-да, улардан келаётган сигналларни бир вақтнинг ўзида аниқлаш қийинлашади.
Моделлаштириш цивилизациянинг сақланиб қолиши ресурсларни истеъмол қилиш суръати ҳамда йирик глобал инқирозлардан сўнг технологияларни қай даражада сақлаб қолиш имкониятига боғлиқ эканини кўрсатган.
Шундан келиб чиқиб, тадқиқот муаллифлари иқтисодий ресурслардан оқилона фойдаланиш, муҳим инфратузилмани тарқоқ ҳолда жойлаштириш ҳамда ҳаётий муҳим билим ва технологияларни махсус сақлаш тизимларини яратиш каби чораларни таклиф қилмоқда.
Ушбу тадқиқот ҳозирча препринт шаклида эълон қилинган бўлиб, мустақил олимлар томонидан тўлиқ тақриздан ўтказилмаган. Шу сабабли ундаги сценарийлар келажакнинг аниқ прогнози эмас, балки математик ва концептуал моделлаштириш натижалари ҳисобланади.
Муаллифлар фикрича, коинотдаги «жимлик» бошқа ақлли цивилизациялар йўқлигидан эмас, балки уларнинг технологик жиҳатдан фаол даврлари бир-бирига тўғри келмаётганидан далолат бериши мумкин.

