Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Юнусжон Насимжоновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилмоқда.
Суд мажлисига тайинланган ишлар рўйхатига кўра, Насимжонов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди — ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди — ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.
Юнусжон Насимжонов 2021–2026 йилларда Тошкент шаҳар солиқ бошқармасига раҳбарлик қилган. 2026 йил 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда уни лавозимидан озод этиш, фаолиятини ўрганиш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича топшириқ берилган эди.
Собиқ солиқ бошлиғига оид жиноят иши 21 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида кўриб чиқилиши белгиланган.
Шу куни Бош прокуратура ҳузуридаги департамент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Ғаниевга оид жиноят иши ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. У Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 223-моддаси 2-қисми «в», «г» бандларида назарда тутилган қилмишларда айбланмоқда.
Алишер Ғаниев ҳам 2026 йил 27 январь куни Президент раислигидаги йиғилишдан сўнг лавозимидан озод этилган. У тадбиркорларга солиқдан қочиш йўлларини кўрсатгани ҳақида танқидлар билдирилган эди.
Ҳар икки ишнинг судда кўриб чиқилиши натижасида айбловларга ҳуқуқий баҳо берилади. Айни пайтда шахсларнинг айбдорлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан тасдиқланмагунча, улар айбсиз ҳисобланади.

