Ўзбекистонда корхоналарга янги ижтимоий солиқ имтиёзлари беришни тўхтатиш, амалдаги имтиёзларни эса 2030 йилдан тўлиқ бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда 65 мингта корхона қарийб 3,2 трлн сўмлик ижтимоий солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
Амалда ижтимоий солиқнинг асосий ставкаси 12 фоизни ташкил этади. Бироқ айрим корхоналар учун бу ставка 1 ёки 0 фоизгача пасайтирилган.
Вазирлик таҳлилига кўра, бундай имтиёзлар корхоналар ўртасида тенг рақобат шароитларини бузиши, шунингдек, пенсия тизимини молиялаштиришда тенглик ва мақсадлилик масалаларини келтириб чиқариши мумкин.
Шу сабабли ижтимоий солиқни барча корхоналар бир хил ставкада тўлаши мажбурий этилиши таклиф қилинмоқда.
Вазирликнинг таъкидлашича, ижтимоий солиқ имтиёзи туфайли корхонанинг харажати камайиши мумкин, аммо ходимнинг келгусидаги пенсия мажбурияти сақланиб қолади.
Бизнесни қўллаб-қувватлаш эса ижтимоий солиқдан озод қилиш орқали эмас, балки давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш орқали амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Вазирлик бундай ёндашув натижасида бир хил, масалан, 6 млн сўм иш ҳақи оладиган ходимлар қайси корхонада ишлашидан қатъи назар, ижтимоий солиқ тўлаш ва пенсия ҳуқуқини молиялаштиришда тенг шароитга эга бўлишини билдирган.

