Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 сентябрдаги 493-сон қарори билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги муассасаларда бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланишнинг янги тартиби белгиланди.
Ҳужжатга кўра, муассасалар ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ходимларга лавозим маошининг 300 фоизигача устама тўлаши мумкин. Устама ходимнинг ижро интизоми, функционал вазифаларини бажариши, билими ва касбий қобилияти инобатга олинган ҳолда белгиланади.
Шунингдек, байрам кунларида ходимларни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 10 бараваригача, ҳар чоракда эса лавозим маошининг 5 бараваригача миқдорда рағбатлантириш назарда тутилган.
Бўш бинолар тўғридан-тўғри ижарага берилади
Муассасаларга ўзларига тегишли бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини ер участкаларидан ташқари нодавлат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга тўғридан-тўғри ижарага бериш ҳуқуқи берилди.
Бунда ижара тўловининг энг кам миқдорига 0,25 имтиёзли коэффициент қўлланилади.
Бўш объектлар ижтимоий-меҳнат реабилитацияси, касбга ўргатиш ва пулли ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этиш мақсадларида берилади.
Раҳбар ва бош ҳисобчиларга ҳам устама тўланади
Давлат мулки объектларини ижарага беришдан тушган маблағларнинг 5 фоизигача бўлган қисми муассаса раҳбари ва бош ҳисобчисининг иш ҳақига ойлик устама сифатида йўналтирилиши мумкин.
Бунда бир ойлик устама миқдори лавозим маошининг 5 бараваридан ошмаслиги керак.
Хизмат олувчилар тайёрлаган маҳсулотлар тўғридан-тўғри сотилиши мумкин
Муассасаларда хизмат олувчилар — тарбияланувчилар, ўқувчилар ва яшовчилар томонидан тайёрланган маҳсулотларни давлат буюртмачилари бир молия йилида БҲМнинг 1 500 бараваригача бўлган миқдорда тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилиши мумкин.
Қарор билан 2026 йил 1 октябрга қадар Агентлик томонидан прогноз кўрсаткичлари ижросини таъминлаган ходимларни рағбатлантириш тартибини тасдиқлаш ҳам белгиланган.

