АҚШнинг Уэлфлит шаҳри соҳилида оғирлиги тахминан 400 килограмм келадиган улкан ойбалиқ ўлик ҳолда топилди.
Ғайриоддий топилмани 16 сентябрь куни соҳилда сайр қилаётган киши пайқаган. Кейинчалик балиқ танаси Янги Англия қирғоқбўйи ёввойи табиатини муҳофаза қилиш альянси мутахассислари томонидан текширилиб, илмий ўрганиш учун ундан тўқима намуналари олинган.
Мутахассисларнинг тахминига кўра, ойбалиқ сув кўтарилган пайтда сайёзликка кириб қолган. Сув қайтгач эса очиқ денгизга қайта олмаган ва ҳалок бўлган.
Ойбалиқ денгиздаги энг йирик суякли балиқ ҳисобланади. Айрим йирик вакилларининг вазни 2 тоннадан ҳам ошиши мумкин. Танасининг ўзига хос тузилиши сабабли бу балиқлар сайёз сувда айниқса заиф бўлиб қолади.

