Мисрнинг Подшоҳлар водийсида Тутанхамон қабри атрофини ўрганаётган олимлар ер остида аввал номаълум бўлган йўлак ва хоналарга ишора қилувчи геофизик аномалияларни аниқлади.
Тадқиқотчиларнинг маълум қилишича, аномалиялар дунёнинг энг машҳур қабрларидан бири — Тутанхамоннинг KV62 қабри яқинида, унинг дафн хонасидан шимол томонда жойлашган. Геофизик маълумотлар узунлиги тахминан 25–30 метр бўлган эҳтимолий бўшлиқлар тизими мавжудлигини кўрсатган.
Мамдуҳ Эльдамати раҳбарлигидаги Айн-Шамс университети тадқиқотчилари георадар ва микросейсмик тадқиқот усулларини биргаликда қўллаган. Натижалар ер остида инсон қўли билан барпо этилган хоналар ёки тоннелларга хос геометрик шаклдаги бўшлиқлар борлигини кўрсатган.
Муҳандис-қурувчи, тадқиқот ҳаммуаллифи Жорж Болларднинг айтишича, радар маълумотларида кенглиги тахминан 2 метр бўлган ва эҳтимол, вайроналар билан тўлган йўлак аниқланган.
Шунингдек, «7-аномалия» деб белгиланган жойда зич объект мавжудлиги қайд этилган. Боллард бу ерда артефактлар сақланган хона бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Бироқ у сигнал асбоблар сезгирлигининг чегарасида эканини ҳам таъкидлаган.
Янги маълумотлар қарийб ўн йил аввал илгари сурилган назарияни яна кун тартибига олиб чиқди. Унга кўра, Тутанхамоннинг нисбатан кичик қабри аслида каттароқ шоҳлик мажмуасининг бир қисми бўлиши мумкин.
Айрим тадқиқотчилар бу яширин хоналар Нефертитининг дафн жойи билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Аммо ҳозирча бу фақат назария бўлиб, аниқ хулоса қилиш учун қўшимча тадқиқот ва археологик текширувлар талаб этилади.

