Нью-Йоркдаги Emergence лабораторияси ўтказган тажрибада Claude, Gemini ва OpenAI моделлари асосидаги СИ агентлари вазифаларни бажариш жараёнида одамлар учун тушуниш қийин бўлган ўз мулоқот усулини мустақил равишда шакллантирган.
Агентлар сўзларни қисқартириб, уларга янги маънолар берган ва ўзаро мулоқот учун алоҳида қоидалар яратган. Бу тил улар учун тушунарли бўлган, аммо одамлар уни тўлиқ англай олмаган.
Emergence ҳаммуассиси Сатя Ниттанинг таъкидлашича, агентларга янги тил яратиш бўйича ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Унинг фикрича, бу ҳолат СИ тизимларини кузатиш уларнинг нима ҳақида мулоқот қилаётганини тушунишни англатмаслигини кўрсатади.
Мутахассислар бундай «машина тили» маълумот узатиш ва энергия сарфини камайтириши мумкинлигини, бироқ инсон назоратини мураккаблаштиришини қайд этмоқда.
СИ агентларининг одамлар тушунмайдиган шаклда мулоқот қилиши 2017 йилда ҳам кузатилган.

